Бугунги кунда жамиятда турли ҳуқуқий муносабатлар кенгайиб борар экан, фуқаролар ва ташкилотлар ўртасида айрим келишмовчиликлар ҳам юзага келиши табиий ҳолдир. Бундай низоларни ҳал қилишда суд тартиби билан бир қаторда муқобил усуллар ҳам кенг қўлланилмоқда. Шулардан бири — медиация институтидир.
Медиация — бу низолашаётган томонларнинг ихтиёрий розилиги асосида, холис ва мустақил воситачи — медиатор иштирокида низони ўзаро манфаатли келишув орқали ҳал қилиш жараёни ҳисобланади. Унинг асосий мақсади тарафлар ўртасидаги муносабатларни сақлаб қолиш, вақт ва маблағни тежаш ҳамда низони муросага келган ҳолда бартараф этишдан иборат. Ушбу механизм дунёнинг кўплаб мамлакатларида кенг қўлланилиб, низоларни тезкор ва самарали ҳал этиш воситаси сифатида тан олинган.
Мамлакатимизда ҳам медиация институтининг ҳуқуқий асослари яратилган бўлиб, у фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан, меҳнат муносабатларидан ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилишда қўлланилади. Медиация тарафларга ўз манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда, муросага келиш имконини беради.
Медиациянинг асосий афзалликларидан бири – вақт ва маблағни тежашидир. Суд жараёнлари маълум вақт талаб қилса, медиация орқали кўплаб масалалар қисқа муддатларда ҳал этилиши мумкин. Шунингдек, жараённинг махфийлиги таъминланади. Медиация давомида маълум бўлган маълумотлар тарафларнинг розилигисиз ошкор қилинмайди.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, медиация тарафлар ўртасидаги муносабатларни сақлаб қолишга хизмат қилади. Айниқса, тарафлар судда медиация келишувга эриганлиги сабабли иш юритиш тугатилганда давлат божи тўлашдан озод этилиши тадбиркорлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустахкамлаш ва ҳамкорликни давом эттирилиши учун асос яратади.
Тадбиркорлик соҳасида эса медиация ҳамкорлик муносабатларини узмасдан туриб, иқтисодий низоларни ҳал қилиш имконини беради. Бу бизнес муҳитини янада барқарорлаштириш ва инвестициявий жозибадорликни оширишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, медиация — бу адолат, ўзаро ҳурмат ва муроса тамойилларига асосланган замонавий ҳуқуқий институтдир.
У тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу боис тадбиркорлар ўртасида медиациянинг мазмун-моҳияти ва афзалликларини кенг тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Алишер Мадаминов,
Андижон вилоят суди судьяси.
